Юракда порлаган офтобим сизсиз.

Ҳаётга чорлаган китобим сизсиз,

Доно ўқитувчим, сиз мураббийим,

Умримда орттирган савобим сизсиз.

Дунёда турли хил касблар кўп бўлиб, ҳаммасининг ҳам ўз ўрни бор, албатта. Аммо, бизлар илк бора мактабга қадам қўйган кунимиздан бошлаб, ушбу даргоҳни тарк этгунимизча ўқитувчилар бизни илму-маърифатга ошно этиб, қалбларимизни зиё нурлари билан чароғон этадилар. Йиллар ўтиб инсон ҳаётидаги кўп нарсаларни унитар, бироқ илк бора қўлига қалам тутказиб, “Она” деб ёзишни ўргатган ўқитувчисини унита олмайди. Айниқса, 1 октябрь — “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни”да илм оламига етаклаган биринчи устоз-муаллимларимизни, қалбимизда унутилмас из қолдирган қадрдон мактабимиз ва болалик давримиздаги беғубор йилларимизда билим берган ҳамда умуммиллий инсонийлик фазилатларини ўргатган меҳрибон муаллимимиз ва мураббийларимизни ҳурмат ва эҳтиром билан эслаймиз.

Устозларга бўлган миннатдорлик туйғуси ота-бобомиздан меърос бўлиб қолган. Бинобарин, “Устоз отангдек улуғ” нақли бежиз айтилмаган. Чунки қадим-қадимдан халқимиз устоз ва мураббийларни эъзозлаб, қадрлаб келади. Уларнинг ўгитлари авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Шу боис устозлар меҳнатига давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, мустақилликка эришганимиздан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 январдаги Фармони билан 1 октябрь — “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” деб эълон қилинди. 1997 йилдан бошлаб эса 1 октябрь — “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами сифатида нишонланиши анъанага айланди.

Шу ўринда айтиш жоизки, ўқитувчи ва мураббийлик касби қанчалик машаққатли эканлиги барчамизга маълум. Чунки ушбу касб эгалари фарзандларимизнинг юксак илмли, ҳар томонлама етук ва баркамол бўлишларида масъулдирлар. Бугунги кунда юртимиз келажаги бўлган ёш авлод қалбига меҳр билан маърифат нурини сочаётган, улар онгини миллий истиқлол ғоялари билан бойитаётган, инсоннинг ўзлигини танитаётган устоз ва мураббийларни эъзозлаш, меҳнатини қадрлаш ҳар биримиз учун муҳимдир. Қолаверса, дунёнинг моҳиятини энг-аввало азиз-ўқитувчиларимиздан ўрганамиз. Бир синфда ўттиз ёки ундан ортиқроқ ўқувчилар улғаяр, балки улардан олиму-фозиллар, шифокору-мухандислар, санъаткору-дурадгорлар етишиб чиқар, аммо устоз ягонадир. Шу ягона инсон жамиятга шундай мутахассисларни етказиб беришда пойдевор қўяди. Йиллар ўтиб пойдеворлар тобора мустахкамланиб бораверади. Шогирдлар ана шу “Катта ҳаёт” деб аталмиш уйга пойдевор қўйиб беришга кўмаклашган инсон олдида бир умр таъзим қилади.

Президентимиз раҳнамолигида ўқитувчилар ва мураббийларнинг обрў-эътиборини янада юксалтиришда ва ёшларимизнинг билимли бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Ҳар йили 1 октябрь — “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” умумхалқ байрамида ўқитувчилар қутлуғ айём билан муборакбод этилади эхтиром кўрсатилади. Мамлакатимиздаги барча олий таълим ўқув муассасаларида ўқитувчи-мураббийларга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хузуридаги маънавият марказида ҳам жорий йилнинг 22 сентябрь куни соат 15:00 да “СИЗГА ТАЪЗИМ, УСТОЗЛАР!” мавзуида байрам кечаси бўлиб ўтди.

Азиз устозлар! Сизларни касб байрамингиз билан “Маънавият ва маърифат” марказининг барча ходимлари чин қалбдан табриклайдилар. Сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва шарафли касбингизда улкан мувоффақиятлар тилайдилар.

Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин!

Дўсимбетова Н.