ЯНГРАР БАХТЛАР САДОСИ

Ватан мадхини куйлаб, уни муқаддас саждагоҳ дея эъзозлаб, тупроғини кўзимизга суртиб, Она-Ватанимизни ҳар қанча тараннум этсак арзийди. Зеро, Ватан туйғуси мўъжизакор кучга эга бўлиб, у ҳар бир ижодкор қалбини гўзал диёримизни мадҳ этишга ундайверади.


Маълумки, ҳар йили 1 сентябрда — мамлакатимиз мустақилликка эришган куни бутун юртимизда тантанали тарзда кенг нишонланади. Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 6 апрель куни қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорига кўра жаннатмонанд юртимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 7 апрелдаги “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-1091-сон қарори асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2011 йил 1 июнда 227-буйруғига биноан ушбу қутлуғ санани муносиб кутиб олиш мақсадида мустақилликнинг 20 йиллик байрами арафасида бўлиб ўтаётган навбатдаги “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловнинг туман, шаҳар ҳамда вилоят босқичлари барча олий таълим муассасаларида муваффақиятли ва кўтаринки руҳда ўтказилиб келинаётир, шу боис ушбу танлов ўзига хос миллий санъат байрамига айланди.
Ёш иқтидорли талабалар Ватанга бўлган меҳрини, унинг саодатли неъматларини, халқимизнинг миллий анъаналарини замонавий мусиқий санъатлари орқали 2-босқичда Ўзбекистон миллий университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент давлат педагогика университети, Қорақалпоғистон давлат университети, Урганч давлат униврситети, Бухоро давлат университети, Жиззах политехника институти, Самарқанд давлат университети, Наманган давлат университети, Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти, Андижон давлат университети ҳамда Қарши мухандислик иқтисодиёт институти талабалари ғолиб бўлишди. “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловининг 2-босқич ғолиблари, Ўзбекистон миллий университетида бўлиб ўтадиган олий таълим муассасалараро кўрик-танловнинг якуний босқичида ўзларининг янги қўшиқлари билан қатнашадилар.
Айтиш жоизки, Ватанга бўлга муҳаббат юракдан куйланиб дилларда титроққа солиши, қалбларни тўлқинлантириб, ватанпарварлик руҳини юқсакка кўтариб энг яхши ижодкор талабаларни холислик ва ҳаққонийлик асосида танлаб, уларнинг қўшиқларини халқимиз маънавий мулкига айлантиришдир. Бундан ташқари, ёш авлоднинг қалбида Ватанга бўлган меҳрини юксалтириш, Ватанга садоқат, ижодий ишларида рағбатлантиришдан иборат.
Юртимизнинг барча ҳудудларида ўзгача шукуҳ, кўтаринки руҳда ўтказилаётган ушбу ижодий беллашувлар, дунёда тенги йўқ диёримизни асраб-авайлашга, эъзозлашга, истиқлолимизнинг азиз неъматларини кўз қорачиғидек ардоқлашга даъват этади, Ватан тақдири учун дахлдорлик ва масъуллик ҳисси билан яшашга ундайди ҳамда миллий қўшиқчилик, шеърият, бастакорлик соҳасида изланаётган янгидан-янги истеъдод соҳибларини кашф этишга ҳам хизмат қилади.

Наргиза ДЎСИМБЕТОВА