dsc_2094.JPGОлий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази мажлислар залида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод билан “Юрагимга тўкилди бу ишқ” деб номланган адабий-мусиқий учрашув бўлиб ўтди.

 

Анжуманда, Бобур Бобомурод шеърларига басталанган қўшиқларни ижро этган эстрада юлдузлари Ширин, Улуғбек Рахматуллаев, Шербек Шодиев, бастакор Фаррух Бадалбоев, шоирлар, ёш ижодкорлар, ОАВ ходимлари, талаба-ёшлар иштирок этдилар.

Бобур Бобомурод ўз ҳаёти ва ижоди ҳақида кенг ва батафсил гапириб бериб, дастур қатнашувчиларига миллий ватанпарварлик, элсеварлик, меҳр-муҳаббат, халқ фаровонлиги ва ёшлар истиқболи учун ёниб яшаш туйғуларига оид шеърлардан ўқиб берди. Юртимизнинг тинчлиги сабабли шу кунларга етиб турганимизни, Ватанни асраш кераклигини, мустақилликни қадрига етиш ҳақида ҳам талаба-ёшларимизга насихатлар берилди. Бобур Бобомурод ижод ҳақида фикр юритар экан уни капалакка ёки асаларига ўхшатишини, йиғиб яна халқнинг ўзига тарқатишини айтади.

Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олишди. Эстрада хонандалари, бастакорлар, журналистлар ҳам ижоднинг машаққатли томонлари, Бобур Бобомурод шеърларининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида, ҳамда ижодлари даъвомида янгидан-янги шеърлар кутиб қолишларини айтишиб ва шоирга саъмимий тилаклар билдириб қолишди. Адабий-мусиқий учрашув санъаткорларнинг жонли ижросиз бўлиб ўтмади, албатта. Йиғилганлар хонандаларнинг ёқимли овозларидан бахраманд бўлдилар.

Учрашув бошида қандай бўларкан деган нигоҳ кириб келган талабалар якунда хурсандчилик ва маданий хордиқ чиқариб зални тарк этишди. Якунда эсдалик учун суръатга тушилди ва меҳмонларга совғалар улашилди.