UZINFOCOM марказининг мажлислар залида ўзбек милий мусиқа санъатининг энг ёрқин юлдузи, «Ўзбекистон халқ артисти» Муножат Йўлчиева ва фольклоршунос олим, ўзбек филологияси доценти Омонулла Мадаев билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ziyonet портали ходимлари, uforum.uz қатнашчилари, талабалар иштирок этдилар.

“Мусиқанинг ҳаётимиздаги ўрни беқиёсдир. Мусиқа табиатда, ҳаракатда, ҳар бир инсонда мавжуд. Она алласи орқали фарзандларимиз қалбига кириб борган меҳр-муҳаббат, эзгуликка бўлган интилишни кучайтиради”, дейди Муножат Йўлчиева.

c4d0267a-cdbb-4d35-87f0-28d8570f1d7a.jpg

Муножат Йўлчиева ўз ижодий фаолияти ҳақида бизларга сўзлаб берар экан, мумтоз мусиқа санъатига кириб келишига отаси қарши бўлгани, бироқ шунга қарамасдан, унга тоғаси катта ёрдам бергани, бу даражага эришишда йиллар давомида тинимсиз меҳнат ва устозлари Муҳаммад Мирзаев билан ижодий изланишларнинг самарасидир.

“Юртимизда аждодларимиздан қолган бой адабий меросимиз борлиги, жаҳон маданиятида ўзига хос ўринга эга бўлган маънавий меросимизни асраб, ўз мехнатимиз билан уни янада бойитиб, келажак авлодга қолдиришимиз зарур” деб таъкидлайди устоз Омонулла Мадаев. Шунингдек, доцент Омонулла Мадаев йиғилганларга миллий фольклор, милий мақомчилик анъаналари хақида сўзлаб бердилар.

Шунингдек, ҳозирги кунда маданий ҳаётимизга кириб келаётган рэп ва рок мусиқаси жанрлари ва уларга тешили бўлган панк, металл, рэп-рок каби оғир мусиқалар ёшларимизнинг маънавияти, маданиятига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида баҳс-мулоҳаза бўлиб ўтди.

Миллий қадриятларимиз бўлган мақом, миллий рақс, миллий фольклор анъаналари Муножат Йўлчиева каби халқимизнинг ҳақиқий фидоийлари бор экан, мумтоз мусиқамиз нафақат мамлакатимизда балки бутун дунёда машҳур бўлиб бораверади.

Ижодий учрашув жонли ижросиз бўлиб ўтмади, албатта. Йиғилганлар Муножат Йўлчиеванинг ҳақиқатдан ҳам бетакрор овоз, ўзига хос истеъдод эгаси эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдилар. Ўзбек мумтоз мусиқаси, ашула санъатининг ноёб дурдоналари бўлган «Ушшоқ», «Муножот», «Қаро кўзим» мақомларидан парчалар хиргоя қилинди. Анжуман якунида эсдалик учун суръатга тушиб, меҳмонларга гул дасталар топширилди. Йиғилганлар учрашувни ташкиллаштирган Ziyonet ходимлари Нигора Умарова ва Муҳайё Турдиалиеваларга миннатдорчилик билдирдилар.

 Диёр Турсунов